Бибихоним мадрасаси (Самарқанд)

Category: Мовароуннаҳрдаги мадрасалар

Бибихоним мадрасаси

0011-Bibixonim-madrasasi


Бибихоним мадрасаси – Амир Темурнинг катта хотини Бибихоним (Сароймулк хоним) "ўз онаси шарафи"га (Клавихо) 14-аср охирида Самарқандда қурдирган Мадраса. Сайёҳ, олим А. Вамбери таъкидлашича, бу мадрасада 1000 га яқин талаба ўқиган.
Бибихоним мадрасаси Бибихоним жоме масжидининг кириш пештоғи қаршисида жойлашган. Лекин жоме масжидидан олдин қурилган. Сарой тарихчиси Ғиёсиддин Алининг "Амир Темур 1399 йил 10 майда мадрасада тўхтаб қолганлиги" ҳақидаги маълумоти шундан далолат беради. Тарихнавис Фасиҳ Ҳавофий (1375— 1442) таъкидлашича, Амир Темур жоме масжиди қурилишини келиб кўраркан, меъморий мажмуада мутаносиблик бузилганлиги—Мадраса пештоғи ва айвони жоме масжидга нисбатан баландроқ ва қияроқ бўлиб қолганлиги учун дарғазаб бўлади ва меъморлар (Хожа Маҳмуд Довуд ва Муҳаммад Жалд)ни жазолади. Археологик қазишлар ҳам шу номутаносибликни тасдиқлайди. Бино пештоғи қанчалик маҳобатли бўлмасин, унинг қаршисидаги бинога монанд эмаслиги кўзга ташланиб қолган. Меъморий услуб талабига кўра, номақбул тушган Мадраса пештоғи бузиб ташлашга маҳкум бўлди. Шунинг учун ҳам кейинги ерларда Мадраса қолдиқлари бузиб ташланди.
Бибихоним мадрасаси ёнида унга "қўш" услубда Туман ого хонақоҳи қурилган. Тарихий манбалар бу хонақоҳ ҳам 1399 йилдан олдин бунёд этилганлиги ҳақида маълумот беради. Чортоқли кенг хонақоҳ, тепаси баланд гумбаз билан боғланган. Деворларига манзаранақшин гуллар, серҳашам безаклар ишланган. 4 тарафидаги кенг деразалар—тобадонлар ва эшиклар орқали хонақоҳ жуда яхши ёритилган. Остидаги тагхона—сардоба эса кичикроқ бўлиб, деворлари йирик кулранг тоштахталар билан безатилган. Тагхонада бир неча тоштобутлар сақланган. 1875 йил зилзиласи натижасида тагхона гумбазчаси ўпирилиб, пастда тоштобутлар борлиги маълум бўлди. Шу вақтдан бошлаб аҳоли орасида бу тобутлардан бири Бибихонимга тегишли деган овоза тарқалди. 1941 йилда ўтказилган археологик тадқиқотлар гўё бу ривоятни тасдиқлагандек бўлди. Шу сабабли яқингача ушбу хонақоҳ Бибихоним мақбараси деб юритилган.
Туман оғо хонақоҳи Амир Темур таваллудининг 660 йиллиги муносабати билан 1996 йилда таъмир этилган.

Ўзбекистон миллий энциклопедияси, биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил.
Зоҳидов П., Темур даврининг меъморий қаҳкашони. Т., 1996.
Пўлат Зоҳидов.

 

0011b-Bibixonim-madrasasi

0011c-Bibixonim-madrasasi

0011-Bibixonim-madrasasi