Отақўзи мадрасаси (Андижон)

Бўлим: Мовароуннаҳрдаги мадрасалар

Отақўзи мадрасаси



Отақўзи мадрасаси - Андижон вилояти Пахтаобод туманидаги меъморий ёдгорлик (20-аср бошлари). Мадрасани маҳаллий бой Отақўзи қурдирган. Қурилишда Уста Қирғизбой ва Мамажонлар қатнашган. Отақўзи мадрасаси тарҳи кўп бур-чакли, пештоқ — гумбазли дарвозахона, масжид — айвон, 2 қаватли ҳужралардан иборат. Бинонинг умумий кўлами ва тарҳ тузилиши ўзига хос. Ҳовли бўйлаб ҳужралар ва гумбазли дарсхона жойлашган. Отақўзи мадрасаси қурилишида усталар оддий пишиқ ғиштнинг безак имкониятлари нақадар кенглигини намойиш этганлар. Равоқли, мезанали ва қуббали устунгўшалар бинодан бирмунча баландроқ кўтарилган. Устунгўшаларга ишлов беришда турли шаклда ғишт териш йўли билан ўзига хос безак ҳосил қилинган. Улар орасидаги девор сиртига юза равоқлар ишланган. Масжиднинг гул солинган шифти алоҳида бадиий қимматга эга, унда гириҳ ва ислимий нақшлар Қуръон сураларидан олинган ёзувлар билан ўзаро уйғунлашиб кетган (безагида маҳаллий уста Сайдулло қатнашган). Мадраса қурилишида Хоразмча муқарнас, шарафа ва кунгура қўлланган. Отақўзи мадрасаси Қўқон хонлигининг сўнгги давр меъморий ёдгорлиги ҳисобланади. 1971—75 йилларда таъмирланиб, ўлкашунослик музейи жойлашган.

Ўзбекистон миллий энциклопедияси, биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил.