Нодир Девонбеги мадрасаси (Бухоро)

Нодир Девонбеги мадрасаси (Бухоро)


Тарих саҳифаларини варақласак, Бухорода нафақат машҳур олиму ёзувчилар, шоиру файласуфлар, балки доно тадбиркорлар ҳам яшаб ўтганлигига гувоҳ бўламиз…
Тарихий манбалар ана шундай ўткир зеҳнли инсонлардан бири, Имомқулихон (1611-1642) саройида молиявий ишлар вазири лавозимида фаолият кўрсаттан, мамлакатда тижорат ва солиқ-хирож тўплаш ишларини бошқарган, солиқлар рўйхатини тузган, элчилардан ёрлиқлар қабул қилган Нодир Девонбеги ҳақида қуйидагиларни ҳикоя қилади.
Ўрта асрларда Бухоронинг илм-фан тараққий этган маскан сифатидаги нуфузи янада ошади. Шу боис диний ва дунёвий билимлар бўйича тажриба алмашиш мақсадида Нодир Девонбеги Афғонистонга таклиф этилади. Ўта зеҳнли ва илмли бўлганлиги сабабли унинг овозаси Ҳиндистонга ҳам етиб боради ва у ҳиндларга икки йил илм ўргатади. Бу хизматлари эвазига ҳинд подшоҳи Нодир Девонбегига жуда беназир ва қимматбаҳо иккита гавҳари шамчироқ туҳфа этади. Ўз ватанига қайтар экан, Нодир Девонбеги Афғонистонган ҳам кириб ўтади. Ажиб гавҳари шамчироқни кўрган афғон шоҳи Нодирбекка бу қимматбаҳо тошларни сотишни таклиф этади. У эса рози бўлмайди. Нодирбек Бухорога шод-хурсанд қайтиб келади, унинг хизматларини муносиб баҳолаган Имомқулихон вазирга ўз қизини узатади.
Бу даврда савдо ишлари гуллаб-яшнаган эди. Карвонлар Россия, Эрон, Хитой ва Ҳиндистонга қатнар, улар Бухоро орқали ҳатго, Ғарбий Оврупога ҳам етиб борган эди. Бухоролик усталар тайёрлаган, қимматбаҳо тошлар қадалган ва олтин, кумушдан қоплама нақшлар туширилган шамшир, пичоқ, қалқон, дубулғалар жуда машҳур бўлиб, шу сабабли Имомқулихоннинг ҳам мавқеи ошган эди. Унинг даврида йирик сув иншоотлари қурилди. Эскилари қайта таъмирланди. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш анча яхшиланди. Имомқулихон даврида масжид-мадрасалар қурилишига, фан ва санъат соҳасига ҳам катта эътибор қаратилди. У Мадина шаҳрида чорбоғ, Каъбага кираверишдаги дарвозалардан бири остонаси учун олтин ва кумуш тутқичли ёғоч зина қурдирганлигига тарих гувоҳ.
Нодир Девонбеги мана шу хайрли ишларнинг бевосита иштирокчиси сифатида халқ ҳурматига сазовор бўлган кишилардан эди. Бироқ бир ғам вазирни ич-ичидан кемирар, на тунда ва на кундузи унга тинчлик бермас эди: у фарзандсиз эди. Бир куни саройда парвоначи ўғлининг тўйи катта ҳашамат ва дабдаба билан ўтди. Бошқа аёллар қатори тўйда қатнашган Девонбегининг рафиқаси уйига жуда маъюс қайтиб, дилидаги ғамни Нодирбекка тўкиб солди: Мана, оила қурганимизга ўн йил бўлай деяпти, бироқ фарзанд кўрмадик. Ўзгалар вафотидан кейин орқасидан фарзанди қолиб, уларнинг чироғини ёқади. Биз-чи?! На орзу-ҳавас қилдик, на фарзанд кўрдик… Шунча мол-дунё ким учун?! Биздан кейин ким, нима қолади?!
Девонбегининг ярасига туз сепилгандек бўлади. Тун бўйи мижжа қоқмай чиқди. Эрталаб Афғонистон сафари тараддудини кўра бошлайди…
Нодир Девонбегининг илмидан бохабар Афғон шоҳи уни зўр эҳтиром билан кутиб олади. Нодирбек шоҳга:
Сиз мендан гавҳари шамчироқни сотиб олмоқчи эдингиз. Мен розиман, – дейди.
Беназир, қимматбаҳо тош эвазига афғон шоҳи унга катта миқдорда олтин беради ва Нодирбек Бухорога қайтади. Ўз соҳасининг пешқадамлари сифатида ном қозонган уста-меъморларни йиғиб, Кўкалдош мадрасаси олдида ҳовуз, хонақоҳ ва Мадраса бино этишни буюради. Шундай қилиб, 1620 йилда ҳовуз ва хонақоҳ қурилади. Бу ҳовуз шаҳардаги энг катта ҳовузлардан бири бўлиб, 36 м. х 45,5 м. ҳажмга эга, чуқурлиги эса 5 метрдир.
Шоҳруд ариғи бўйлаб борсангиз, чап томонда хонақоҳ ва ўнгда 1622 йилда барпо этилган Нодир Девонбеги мадрасаси жойлашган. Улар орасида эса ҳовуз бунёд этилган. Мадраса ва хонақоҳ ўртача катталикда, оддий шаклда қурилган бўлса-да, ҳовуз, хонақоҳ ва Мадраса, яъни Лаби Ҳовуз ансамбли биргаликда ажиб салобат ва гўзаллик касб этади.
Мадрасага кираверишда, дарвозанинг юқори ва ён қисмларида нафис мозаика ёрдамида қуёшга интилаётган афсонавий семурғ қушлари моҳирона акс эттирилган.
Лаби Ҳовуз ансамбли битгач, эрта тонгда, шудринг ҳали майса ва баргларни тарк этмаган, офтоб ўз хобгоҳидан эриниб бош кўтараётган бир паллада Нодир Девонбеги ўз рафиқасини олиб, сайрга чиқади ва қурилган биноларни кўрсатиб, шундай дейди:
Сиз менга, биздан кейин ким, нима қолади, деган эдингиз. Биздан кейин яхши ном ва бир беназир гавҳари шамчироқ қийматига бунёд бўлган мана шу гўзаллик қолади.
Мана, бир неча асрки, тадбиркор инсон Нодир Девонбеги саъй-ҳаракати билан бунёд бўлган Мадраса шаҳримиз кўркига кўрк қўшиб турибди. Лаби Ҳовуз қарийб тўрт асрдан буён бухороликлар ва шаҳарга ташриф буюрадиган сайёҳ ҳамда меҳмонлар ҳордиқ чиқарадиган ажойиб маскан бўлиб хизмат қилмоқда.
Муҳаммад Нодир Мирзо Тоғой ибн Султон – Нодир Девонбеги Самарқандда ҳам қатор хайрли ишларни қилган: бир қанча иншоот ва бинолар қурдириб, шаҳарнинг кўрку салобати ошишига ҳисса қўшган. Жумладан, шаҳардан 4 чақирим ғарб томонда Намозгоҳ биносини бунёд эттирган. 1632-1635 йилларда шаҳардан 8 чақирим жануби-ғарбда меъморчилик санъатининг гултожи ҳисобланган Шердор мадрасасини қурдирган. Бинолар пештоқига Туркистон вилоятининг қоплонсимон шер ва кийиклари расми ишланган.
Шундай қилиб, Самарқанд тарихида бир даврда иккита Шердор мадрасаси: олдин Регистон марказида Шердори Дарун, яъни ички Шердор ва кейинрок шаҳардан ташкарида Шердори берун, яъни ташқи Шердор бунёд этилган. Шердори даруннинг меъмори усто Абдул Жаббор бўлиб, маълумотларга кўра, Шердори берун мадрасасини бунёд этишда ҳам у бошчилик қилган. Нодир Девонбеги қурдирган Шердори берун мадрасаси Самарқандлик уста-меъмор А.Ҳакқулов раҳбарлигида 1977 йилда қайта таъмирланган.
Мазкур иншоотлар бугунги кўҳна шаҳарларимиз кўркига кўрк қўшиб, юртимизнинг нодир ажойиботлари сифатида эътироф этиб келинмоқда.

"Мозийнинг ноёб гавҳари" китобидан олинди.



Нодир девонбеги мадрасаси - Бухородаги меъморий ёдгорлик. Бухоро хони Имомқулихонинг вазири Нодир девонбеги (Нодир мирзо Тоғай ибн Султон) қурдирган (1622—23).
Нодир Девонбеги мадрасаси (Бухоро) Лаби-ҳовуз ансамблинит шарқий қисмида жойлашган. Дастлаб карвонсарой сифатида қурилган, хоннинг қарори билан мадрасага айлантирилган. Унда мадрасаларга хос айвон, масжид ва катта дарсхона, ҳовли атрофи 4 томондан 2 қаватли кичик ҳужралар билан ўралган. Ҳужраларга ўймакори усулида безатилган эшиклар, эшиклар тепасидаги тобадонга панжаралар ўрнатилган. Ҳовлига пишиқ ғишт ётқизилган. Бош тарзи майдонга қараган. Олд томонида ҳовуз бор. Пештоғи ўзига хос маҳобатли ва серҳашамдир. Ундаги ўсимликсимон нақшлар орасида қуёшга интилаётган афсонавий хумо қуши ва буғунинг ўтлаб юрган тасвири кошинкори безаклари ёрқин бўёқларда акс эттирилган. Ҳошияларига, китобасига арабий ёзувлар битилган. Устунгўшаси бурамасимон. Пештоғининг 2 ён қанотидаги 2 қаватли 3 тадан чуқур равоқли пешайвон алоқида зеб бериб пардозланган. Бурчакларидаги 2 гулдаста равоқлардаги нақшлар билан ўзаро уйғунлашган. Мадраса тарҳи 52х49 м, ҳовли 34 хЗО м. Нодир Девонбеги мадрасаси (Бухоро)м. бир неча марта таъмирланиб, гумбаз, равоқ ва деворларидаги намлик йўқотилиб, бузилиб кетган ҳужралари қайта тикланди. Самарқанд ва Бухоро усталарининг саъйи ҳаракатлари билан бош тарзи қайта жилоланди.
Ўзбекистон миллий энциклопедияси, биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил.
 

Рейтинг@Mail.ru

 

МАҚСАДИМИЗ

Миллий қадриятларимиз, маънавий бой меросимизни тиклаш ва уларни чуқур ўрганиш, унинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини халқимиз ўртасида тарғиб этиш, Имом Бухорий, Имом Термизий, Абу Мансур Мотуридий, Бурҳониддин Марғиноний, Баҳоуддин Нақшбандий ва Маҳмуд Замахшарий сингари юртимиздан етишиб чиққан буюк муҳаддис, фақиҳ, тасаввуф ва муфассир алломалар меросини ҳар томонлама теран ўрганиш, юксак инсоний ғоялар ва муқаддас қадриятларимизни ўзида ифода этган манбаларни тадқиқ этиш, улардан диний таълим, маънавий-ахлоқий тарбия ишларида фойдаланиш, диний ходимларнинг малакасини, билим ва тажрибасини ошириш бўйича ўқув-услубий ишларни амалга ошириш, ёш авлоднинг руҳий ва маънавий оламини бойитиш, азалий миллий қадриятларимизни сақлаш ва улуғлаш, юртимиз тарихи зарварақларига олтин ҳарфлар билан муҳрланган нодир қўлёзмаларни келгуси авлодларга етказиш, аждодларимиз ҳаёти, ахлоқи ва юксак маънавиятини ифодаловчи матнларни таржима қилиб, ёшлар қалбида улар қолдирган меросга ҳурмат, эъзоз ва муҳаббат туйғусини шакллантириш, юртимиз Мовароуннаҳрнинг Бухоро, Самарқанд, Марв, Урганч, Ахсикет, Хива, Шош, Марғинон ва бошқа шаҳарларидаги маърифат масканлари бўлмиш мадрасаларда етишиб чиққан алломалар ҳақида, улар таҳсил олган мадрасалар ва ҳозирда юртимиз Ўзбекистонда ишлаб турган мадрасалар ҳақида талабаларга маълумот бериб бориш.
БИЗ БИЛАН БОҒЛАНИШ:  [email protected]